Ғулом Норбоевич Узоқов 1966 йил 25 июнь куни Қашқадарё вилоятининг Қарши тумани, Қовчин қишлоғида туғилган. 1973–1983 йилларда Ўзбекистон Республикасининг Қашқадарё вилояти, Қарши туманидаги 6-сонли ўрта мактабда таҳсил олган ва “Олтин медаль” билан битирган. 1990 йилда Тошкент темир йўл муҳандислари институтини “Темир йўллар қурилиши муҳандиси” мутахассислиги бўйича “имтиёзли” диплом билан тамомлаган. 1999–2000-йиллар давомида Гулом Норбоевич Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Энергетика ва автоматика институтида илмий стажировка ўтаган. 2000 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Энергетика ва автоматика институтида “Саноат иссиқлик энергетикаси” ихтисослиги бўйича техника фанлари номзоди илмий даражасини олиш учун “Исследование тепломассообменных процессов и экономия энергии в плодоовощехранилищах» мавзусида номзодлик диссертация ишини муваффақиятли ҳимоя қилган. 2006 йилда Ғ.Узоқовга «Иссиқлик энергетикаси» кафедраси доценти илмий унвони берилган. 2016 йилда Ғ.Узоқов Тошкент давлат техника университетида “Саноат иссиқлик энергетикаси” ихтисослиги бўйича “Способы повышения энергорэффекивности систем теплохладоснабжения плодоовощехранилищ с использованием нетрадиционных источников энергии” мавзусида докторлик диссертациясини Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги т.ф.д., профессор Р.А.Захидов раҳбарлигида муваффақиятли ҳимоя қилган. 2018 йилда 05.05.06 – “Қайта тикланадиган энергия турлари асосидаги энергия қурилмалари” – ихтисослиги бўйича профессор илмий унвонини олган. Профессорнинг илмий-педагогик фаолияти 1991 йилдан бошланган бўлиб, у дастлаб Тошкент давлат техника университети Қарши филиалининг “Иссиқлик энергетикаси” кафедрасида ассистент лавозимида фаолият юритган (1991–1995 йй.). Ушбу даврда у иссиқлик техникаси ва энергетика соҳасидаги фундаментал ва амалий фанлар бўйича ўқув-услубий жараёнга фаол жалб этилди ҳамда илмий тадқиқот ишларини йўлга қўйган. 1995–2004 йилларда Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти “Иссиқлик энергетикаси” кафедрасида катта ўқитувчи ва доцент сифатида самарали фаолият олиб борди. Бу босқичда у мутахассис кадрлар тайёрлаш, ўқув режа ва дастурларни такомиллаштириш, илмий изланишларни ривожлантириш ишларида фаол иштирок этган. 2004–2011 йилларда мазкур кафедра мудири сифатида кафедранинг илмий салоҳиятини мустаҳкамлаш, лаборатория базасини янгилаш ва ёш тадқиқотчиларни илмий фаолиятга жалб этиш бўйича ташаббускорлик кўрсатди. Унинг раҳбарлигида қатор илмий-тадқиқот ишлари амалга оширилди ва амалиётга жорий этилган. 2011–2018 йилларда Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтининг илмий ишлар бўйича проректори сифатида институтда илмий тадқиқотлар самарадорлигини ошириш, инновацион фаолиятни ривожлантириш, халқаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш йўналишида тизимли ишлар олиб борган. 2018–2020 йилларда яна “Иссиқлик энергетикаси” кафедраси мудири лавозимида фаолият юритиб, таълим ва илм-фан интеграциясини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратган. 2020 йилда Энергетика факультети декани сифатида факультетнинг таълим сифати ва илмий салоҳиятини янада оширишга қаратилган ислоҳотларни амалга оширган. 2020–2025 йилларда Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтининг Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори сифатида илмий салоҳиятни ошириш, илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятни стратегик ривожлантириш, илмий лойиҳаларни тижоратлаштириш, илмий ишланмаларни амалиётга жорий этиш ишларига раҳбарлик қилган. 2025 йилдан ҳозирги вақтга қадар Қарши давлат техника университетининг Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори сифатида университет миқёсида илмий салоҳиятни, инновацион экотизимни шакллантириш ва илмий натижаларни тижоратлаштириш йўналишларида фаолият олиб бормоқда. Ғ.Узоқов 2016 йилда “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигига 25 йил” эсдалик нишони билан тақдирланган. 2017 йилда “Ўзбекистон Конституциясига 25 йил” эсдалик нишони билан тақдирланган. 2021 йил “InnoWeek.Uz-2021” Халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги доирасида “Инновацион ғоялар етакчиси” кўкрак нишони совриндори бўлган. 2024 йилда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг қарори билан “Олий таълим аълочиси” кўкрак нишони билан билан мукофотланган. Ғ.Узоқовнинг илмий-педагогик фаолияти 35 йилни ташкил этади. Ғ.Узоқов юртимизнинг иқтидорли, таниқли ва обрўли олимларидан бири бўлиб, Ўзбекистон республикаси мустақиллигининг илк йилларидан бошлаб қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш усулларини ривожлантириш ва муқобил энергия асосида ишлайдиган энергия тежамкор технологияларни ишлаб чиқиш йўналишида самарали илмий фаолият олиб бормоқда ва кўп йиллик самарали меҳнати билан мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, ватанимиз тараққиёти, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтиришга, мамлакатимизда илм-фан ривожини таъминлашга катта ҳисса қўшиб келмоқда. Ғ.Узоқовнинг илмий изланишлари натижалари бўйича 14 та монография, 10 та дарслик ва 15 та ўқув қўлланма, республика ва нуфузли хорижий журналларда 300 дан ортиқ илмий мақолалари чоп этилган. Шу жумладан, 40 дан ортиқ илмий мақолалари Scopus халқаро ахборотлар базасидаги нуфузли илмий нашрларда чоп қилинган. Илмий ишларининг натижалари бўйича 40 та илмий ихтирога патентлар ва 35 та электрон ҳисоблаш машиналари учун яратилган дастурлар муаллифидир. Охирги 5 йил ичида 8 та илмий лойиҳаси Республика давлат грантлари танловида ғолиб бўлган ва 2 та илмий ишланмаси амалиётга жорий қилинган. Ғ.Узоқов Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Истеъдод” жамғармаси гранти совриндори сифатида Россия Федерациясининг Санкт-Петербург давлат политехника университетида энергетика йўналиши бўйича илмий стажировка ўтаган. 2023 йилда Малайзиянинг Петронас технологиялар университетида стажировкада бўлган. Ғ.Узоқовнинг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректорлик фаолияти давомида сўнги 3 йилда 100 дан ортиқ ёш олимлар ва профессор-ўқитувчилар докторлик диссертация ишларини ҳимоя қилишди. Натижада, университетда илмий салоҳият 24 фоиздан 43,5 фоизга оширилди. Университетда ҳозирги кунда жами 15,53 млрд. сўмлик, жумладан, 9,81 млрд. сўмлик давлат илмий-техник дастурлар доирасидаги лойиҳалар ва 5,72 млрд. сўмлик хўжалик шартномалари асосида илмий тадқиқот ишлари бажарилмоқда. Ғ.Узоқов университетда “Шўртан газ-кимё мажмуаси” МЧЖ билан ҳамкорликда “Газ кимё ва энергетика” илғор муҳандислик мактабини ташкил этишда ҳам фаоллик кўрсатди ва унинг раҳбарлигида корхона муаммоларини ечишга қаратилган илмий тадқиқотлар бажарилмоқда. Унинг раҳбарлигида корхонанинг муаммолари асосида 3 та илмий лойиҳа, магистрлик ва докторлик диссертацияларини бажариш йўлга қўйилди, 2 та илмий ихтиро учун патент олинди. Ғ.Узоқовнинг бевосита илмий раҳбарлигида 2021 йилда “Пиролиз қурилмалари асосида иссиқхоналарнинг энергия самарадор автоном иссиқлик таъминоти тизимини жорий қилиш” мавзусидаги молиявий ҳажми 478 млн. сўмлик тижоратлаштириш, 2023 йилда IL-4821091659-“Ҳудуд иқлимининг метеорологик хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда гибрид иссиқлик таъминоти тизимларининг илмий-техник асосларини ишлаб чиқиш” мавзусидаги Ўзбекистон-Беларусь ҳамкорлиги доирасида молиявий ҳажми 833,0 млн. сўмлик фундаментал лойиҳа, 2024 йилда “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ корхонасининг энергия балансини термодинамик таҳлил қилиш, иккиламчи энергия ресурсларини иссиқлик насосли утилизация қилиш, экологик мониторингини ўтказиш ва қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш самарадорлигини аниқлаш” мавзусидаги молиявий ҳажми 1,0 млрд (бир миллиард) сўмлик хўжалик шартномаси, 2025-йилда IL-9224L04741- “Комбинациялашган пиролиз-биогаз қурилмали автоном иситиш тизимини ишлаб чиқиш” мавзусидаги молиявий ҳажми 740 млн. сўмлик инновацион лойиҳаси ҳамда IL-8824063273-сон шартномага асосан бажарилиши 2025-йил 01 июндан 2027 йил 31 майгача мўлжалланган “Паст потенциалли ва геотермал энергия ресурсларидан фойдаланиб интеграллашган иссиқлик-совуқлик таъминоти тизимларини яратиш, оптималлаштириш ва бошқаришнинг илмий-назарий асосларини ишлаб чиқиш” мавзусидаги молиявий ҳажми 1 464, 612 млн. сўмлик Ўзбекистон-Беларусь ҳамкорлиги доирасида фундаментал лойиҳа бажарилмоқда. Ғ.Узоқовнинг бевосита илмий раҳбарлигида бажарилган илмий лойиҳалар ҳисобидан ўқув-илмий жараёнда фойдаланиш учун 1,5 млрд. сўмлик лаборатория жиҳозлари келтирилган. Ғ.Узоқовнинг ташаббуси билан 2021 йилда “Муқобил энергетика” ва “Ижтимоий фанлар”, 2023 йилда “Инновацион иқтисодиёт”, 2024 йилда “Саноатда рақамли технологиялар” янги илмий журналлари ташкил этилди. Университетда умумий қиймати 90000 АҚШ долларига тенг бўлган Жаҳон банки томонидан молиялаштирилган Академик инновациялар фондининг грант лойиҳаси бажарилди ва грант маблағлари ҳисобидан “Форсайт” маркази, “IT-park” инкубация маркази ташкил этилди. Мазкур марказда ёшлар томонидан тақдим этилган 6 та стартап лойиҳа (ажратилган маблағ 300 млн. сўмдан ортиқ) Қашқадарё вилояти ҳокимлиги томонидан ташкил этилган “Инновацион лойиҳалар” танлови ғолиби бўлди. Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ўтказилган Халқаро ёшлар инновация форуми – “World youth innovation forum-2020” доирасида ўтказилган “Энг яхши лойиҳалар” танловида университет ёш олимлари томонидан тайёрланган лойиҳа ғолибликни қўлга киритди. 4 та илмий ишланма тижоратлаштиришга тавсия қилинди. Университетда 2025 йилда 1 нафар таянч докторант (С.Мирзаёрова) Ўзбекистон Республикаси Президенти стипендияси, 1 нафар таянч докторант (С.Ходиева) “Келажак бунёдкори” давлат мукофоти, 1 нафар магистрант (А.Рахматов) “Мард ўғлон” давлат мукофотига, 25 нафар иқтидорли талабалар номли Давлат стипендияси соҳиби бўлишди, 30 нафар талабалар Республика фан олимпиадаси ғолиблигини қўлга киритишди. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ташаббуси билан ташкил этилган “Инновацион ғоялар етакчиси” кўрик танловининг республика босқичида университет ёш олимларидан 2020 йилда 1 нафари (Х.А.Файзуллаев), 2021 йилда 1 нафари (Н.Қўзиев) 2022 йилда 1 нафар (И.Исмоилов) 2023 йилда 1 нафар (Ш.Қурбонов), 2024 йилда 1 нафар (Б.Тошмаматов) танлов ғолиби бўлди ва “Инновацион ғоялар етакчиси” кўкрак нишони билан тақдирланди. Ғ.Узоқовнинг раҳбарлигида сўнги 3 йилда “Ёқилғи-энергетика комплекси ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг долзарб муаммолари” мавзусидаги халқаро (Scopus) илмий техник анжумани мунтазам равишда ўтказилиб келинмоқда. Ғ.Узоқов томонидан университетда “Яшил энергетика” соҳасини ривожлантириш, ушбу соҳада ўқув-илмий лабораториялар ташкил этиш, фан-таълим-ишлаб чиқариш интеграциясини амалга ошириш бўйича ҳам ижобий ишларни амалга оширмоқда. Илмий тадқиқот ишларни ривожлантириш, университетнинг моддий техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида университетда Германия давлатининг DAAD халқаро дастури гранти асосида “Муқобил энергия манбалари”, “Энергия тежамкорлик ва қайта тикланувчи энергия манбалари” замонавий ўқув-илмий лабораториялари ва “Муқобил энергия манбалари” ўқув-илмий полигони ташкил этилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида 2021 йил 16 июнь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида университетда Ғ.Узоқов илмий раҳбарлигида “Энергия тежамкорлик ва муқобил энергия манбалари” илмий тадқиқот маркази ташкил этилди. Марказ таркибидаги “Муқобил энергия манбалари” ўқув-илмий полигонида 100 м2 фойдали майдонга эга бўлган қуёш иссиқхонаси, қуёш ҳаво қиздириш қурилмалари, экспериментал қуёш уйи, биомассадан муқобил ёқилғи олиш учун пиролиз ва биогаз қурилмалари, мини шамол ва қуёш электр станцияси, қуёш сув қиздириш қурилмалари ҳамда қуввати 30 КВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси мавжуд бўлиб, қурилмаларда талабалар учун лаборатория машғулотларини ҳамда докторантлар учун 05.05.06-Қайта тикланадиган энергия турлари асосидаги энергия қурилмалари ихтисослиги бўйича илмий тадқиқот ишларини ўтказиш имкониятлари яратилди. Университетда профессор Ғ.Узоқов илмий раҳбарлигида “Қайта тикланадиган энергия манбалари асосидаги энергетик тизимлар ва технологиялар” йўналишида Илмий мактаб фаолият юритади ва Ғ.Узоқов ушбу Илмий мактабнинг асосчиси ҳисобланади. Ғ.Узоқов томонидан олиб борилган тадқиқот натижалари асосида қуйидаги энг муҳим илмий натижалар олинган ва қайта тикланадиган энергетика соҳасини ривожлантиришга катта ҳисса қўшган: 1) Ўзбекистонда биринчи марта (2010-2025 йй.) маҳаллий биомасса ва углеводородли чиқиндиларни юқори концентрациялашган қуёш энергияси билан қайта ишлаш ва муқобил ёқилғилар олиш технологияси, яъни маҳаллий биомассани (ғўзапоя, кунгабоқар чиқиндиси ва бошқ.) гелиопиролиз усулида термик қайта ишлаш технологияси ишлаб чиқилган ва тадқиқ этилган. 2) Илк марта ғўзапояни гелиопиролизи асосида янги иссиқлик изоляция материали (иссиқлик ўтказувчанлиги λ=0.08÷0.1 Вт/м·К) ва сорбент (АГ-3 сорбент ҳоссаларига яқин) олинган. 3) Комбинациялашган қуёш, биоэнергетик ва иссиқлик насосли автоном гибрид иссиқлик таъминоти тизимларининг физик-математик моделлари ва иссиқлик-технологик схемалари ишлаб чиқилган. 4) Ўзбекистонда биринчи марта маҳаллий биомасса пиролизи суюқлиги, қаттиқ маҳсулотлари, кўмир чиқиндиси, сув ва пластификаторлар асосида “сув-кўмир” ёқилғисининг намуналари лаборатория шароитида олинган, ёниш иссиқлиги, иссиқлик сиғими, қовушқоқлиги аниқланган, ёқиш қурилмаси яратилган. 5) Қуёш, биоэнергия ва иссиқлик насосли қурилмалар асосида автоном когенерация ва тригенерация (иссиқлик, совуқлик ва электр энергия таъминоти) тизимлари ва қурилмаларининг прототиплари яратилган ва 40 дан ортиқ патентлар олинган. Университетда илмий тадқиқот фаолияти билан шуғулланаётган ёшларни қўллаб-қувватлаш ва уларга имконият яратиш мақсадида 2017 йилдан бошлаб 05.05.06-“Қайта тикланадиган энергия турлари асосидаги энергия қурилмалари”, 2018 йилдан бошлаб 05.05.04-“Саноат иссиқлик энергетикаси” ихтисосликлари бўйича таянч докторантура фаолият юритмоқда. Унинг илмий раҳбарлигида ушбу ихтисосликлар бўйича 7 нафар тадқиқотчи докторлик диссертациясини бажармоқда. Ғ.Узоқов илмий раҳбарлигида 2019-2025 йилларда 10 нафар шогирди докторлик диссертациясини (PhD), 3 нафар шогирди докторлик диссертациясини (DSc) ҳимоя қилган, 5 нафар шогирди томонидан диссертация иши ҳимояга тайёрланган. Университетда илмий салоҳиятни ошириш ва ёш олимларга шароит яратиш мақсадида Ғ.Узоқов раислигида университетда 2020 йилдан бошлаб 05.05.06.-“Қайта тикланадиган энергия турлари асосидаги энергия қурилмалари” ихтисослиги бўйича илмий даражалар берувчи PhD.03/30.09.2020.T.111.03 рақамли илмий кенгаш фаолият юритмоқда. Мазкур илмий кенгашда 2021 йилда 6 нафар, 2022 йилда 6 нафар, 2023 йилда 6 нафар, 2024 йилда 6 нафар, 2025 йилда 8 нафар, жами 32 нафар тадқиқотчилар докторлик диссертация ишларини муваффақиятли ҳимоя қилишди. Ғ.Узоқов Республикадаги нуфузли Илмий Кенгашлар аъзоси сифатида ҳам самарали меҳнат қилиб, илмий-педагог кадрлар тайёрлаш ва илмий салоҳиятни оширишга ҳисса қўшиб келмоқда. Жумладан, Тошкент давлат техника университетида 2017 йилдан буён DSc.03/2025.28.11.Т.02.01- рақамли Илмий Кенгашнинг доимий аъзоси сифатида фаолият юритиб, 05.05.06 - “Қайта тикланувчи энергия турлари асосидаги энергия қурилмалари”, 05.05.04 - “Саноат иссиқлик энергетикаси” ихтисосликлари бўйича ҳимоя қилинган 10 дан ортиқ докторлик диссертацияларига расмий оппонентлик қилган. Университетда унинг раислигида фаолият юритаётган PhD.03/2025.28.11.T.17.01 – рақамли ихтисослашган Илмий Кенгашда 2020 йилдан бошлаб 05.05.06 - “Қайта тикланувчи энергия турлари асосидаги энергия қурилмалари”, 05.05.04 - “Саноат иссиқлик энергетикаси” ихтисосликлари бўйича 40 дан ортиқ илмий даражали кадрлар тайёрланган. Ғ.Узоқов университетда нафақат илмий тадқиқот фаолиятига раҳбар балки, Ҳукуматимиз томонидан 2025 йилда “Камбағалликдан фаровонлик сари” Давлат дастури доирасида Муборак туманидаги Қорақум, Яшнаобод, Сардоба ва Пахтакор маҳаллалари аҳоли хонадонларида аҳолининг турмуш тарзини яхшилашга қаратилган “ Яшил хонадон” лойиҳасининг муаллифидир. Ғ.Узоқов Республикамизда чоп қилинадиган Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг “Энергия ва ресурс тежаш муаммолари” илмий журнали таҳририят аъзоси, “Инновацион технологиялар” илмий журнали бош муҳаррир ўринбосари, “Муқобил энергетика” илмий-техник журнали бош муҳаррири, “Энергетика. Известия высших учебных заведений и энергетических объединений СНГ” халқаро илмий-техник журнали таҳририят аъзосидир (Минск, Белоруссия республикаси). Ғ.Узоқовнинг бевосита раҳбарлигида университетда энергетика соҳасида ўқув жараёнига юқори малакали хорижий олимлар ва мутахассисларни кенг жалб қилиш, хорижий олий ўқув юртлари билан ўқув-илмий ҳамкорликни самарали йўлга қўйиш мақсадида Хитой давлати ОТМлари, Петронас технологиялар университети (Малайзия), Москва энергетика университети, Федерал илмий-агроинженерлик маркази, Беларусь миллий техника университети олимлари билан ҳамкорлик ўрнатилган. Ушбу соҳада Ғ.Узоқовнинг илмий ишлари эътироф этилиб, 2020 йилда Россия табиий фанлар академияси аъзолигига, 2023 йилда Турон фанлар академияси аъзолигига сайланди. 2024 йилда Петронас технологиялар университети (Малайзия) фахрий профессори мақомига сазовор бўлди. Ғ.Узоқов ўз иш фаолиятида кўплаб шогирдлар етиштирди. Жумладан, Б.Б.Эшмуродов (Ҳудудгазтаъминот АЖ бошқарув раиси), К.И.Хайруллаев (Муборак иссиқлик электр маркази директори), Н.Я.Холбоевлар (Қарши шаҳар хокими) вилоятда иқтисодиётнинг турли соҳаларида раҳбарлик лавозимларида самарали фаолият юритишмоқда. Ғ.Узоқов тажрибали педагог, билимли мутахассис ва намунали устоз сифатида университетнинг барча илмий, маънавий-маърифий, тарбиявий, ўқув-услубий тадбирларда ҳамда илмий анжуманларда фаол иштирок этиб келмоқда., Ғ.Узоқов ибратли оила бошлиғи, ўз касбига содиқ фидойи инсон, камтарин, иқтидорли олим, мураббийлик маҳорати ва илмий-ижодкорлик салоҳияти билан республикамиз зиёлилари орасида ҳурмат эътиборга эга.